TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Учуққа бепарво бўлманг!

Герпес (учуқ) энг кенг тарқалган юқумли инфекциялардан биридир. У вируслар қўзғатадиган тери касаллиги бўлиб, баданнинг турли қисмида ғуж-ғуж майда пуфакчалар ҳосил бўлиши билан кечади.

Ҳозир ўзининг биологик, физик, кимёвий ва морфологик хусусиятлари билан бир-биридан фарқ қиладиган 70 дан зиёд вируслар тури (жуда майда микроорганизмлар) аниқланган. Улар табиатда кенг тарқалган бўлиб, одам, ҳайвон, ўсимлик ва ҳашаротларда учрайди. Улар кўпгина юқумли касалликларни қўзғатиши исботланган. Касаллик манбаи бемор ёки вирус ташувчи ҳисобланиб, соғлом кишига турли хил йўллар билан юқади. Масалан, учуқ тошган одам бировни ўпганда ёки бемор сочиғидан, идиш-товоғидан фойдаланганда, жинсий алоқа йўли билан ўтади. Совқотиш, шамоллаш, организм қаршилик кучининг (иммунитет) сусайиши, гиповитоминоз, турли инфекцион касалликлар, зотилжам, безгак каби хасталиклар оқибатида ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Олимларнинг таъкидлашича, оддий учуқ вируси бола организмига кўпинча чақалоқлик даврида тушади. Лекин касаллик аломатлари онадан ўтган иммунитет ҳисобига юзага чиқмай, кейинчалик иммунитет кучи сусайиб, қулай шароит туғилса, вируслар хуружга келиб, касаллик рўй беради. Одам организмига тушган учуқ вируси умр бўйи сақланиб қолиши ва герпесни даволаш ўта қийин кечиши фанда исботланган. Тиббиётда бу хроник вирус ташувчилик деб аталади. Оддий учуқлар лабга, бурун учлари, лунж, пешона, қулоқ, думба, сон оралари, билак, панжалар, оғиз бўшлиғи, кўз ва жинсий аъзолар шиллиқ қаватига тошиши кузатилади. У тошган аъзода тиниқ суюқлиги бор майда ғуж-ғуж пуфакчалар пайдо бўлиб, улар тезда ёрилиб, сарғимтир юпқа қора қўтир билан қопланади. Шунингдек, қичиш, ачишиш аломатлари кузатилиб, баъзан лоҳаслик, эт увушиши, меъда-ичак фаолиятининг бузилиши рўй беради. Оғир кўринишларида иситмалаш, асаб тизими ва ички аъзоларда қатор ўзгаришлар юзага келиши кузатилган. Учуқ пуфакчаси одатда 7-10 кунда битиб, ўрнида қизғимтир ёки жигарранг доғ қолдиради. У тушиб кетган жойда яна янги пуфакчалар пайдо бўлиши мумкин (қайталайдиган учуқ).

Учуқлар ўткир юқумли касалликларга олиб келиши мумкин. Бу хасталикни безарар деб хотиржам бўлмаслик керак. Учуқ касалликлари кўзи оғриган беморлар умумий сонининг 60 фоизига яқинини ташкил этиб, кенг тарқалгани учунгина эмас, шу билан бирга оғир асоратлари билан ҳам соғлиқ учун жиддий зиён бўлиб, ҳозирги вақтда у кўр бўлиб қолиш ва ногиронликнинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Шифокорларнинг таъкидлашича, оғиз бўшлиғи ўткир учуқли стоматити 6 ойлиқдан 2-3 ёшгача бўлган болалар юқумли патологиясида қизамиқ, қизилча, тепкидан ҳам кўп учрайди. Катталарда стоматит одатда болаларга қараганда оғирроқ кечиши кузатилади.

Олимларнинг фикрича, ўраб олувчи учуқни сувчечак вируси қўзғатади. Унинг бу тури билан фақат катталар оғриб, 10 ёшгача бўлган болаларда деярли учрамайди. Бемор билан мулоқотда бўлган болалар сувчечакка чалиниши мумкин. Ўраб олувчи учуқдан теридан ташқари асаб ҳам зарарланади. Бунда асосан бош оғриғи, шунингдек, оғриқнинг асаб йўллари (масалан, бел ва қовурғалар орасидаги асаб толалари) бўйлаб тарқалиши кузатилиб, кейинчалик асабнинг зарарланган қисмидаги терига майда пуфакчалар тошади (асосан, гавданинг бир томонига), пуфакча ичидаги тиниқ суюқликка аввал йиринг, баъзан қон аралишиши, яқинроқ жойлашган лимфа безлари катталашиши, ҳарорат кўтарилиши мумкин. Учуқли инфекцияларнинг энг оғир кўринишларидан бири марказий асаб тизимининг шикастланиши ҳисобланиб, 35 фоизгача ўлимга ва омон қолганларнинг эса ногиронлигига сабаб бўлиши таъкидланади.

Агар учуқ жинсий аъзога тошган бўлса, жинсий алоқа вақтида бемордан соғ одамга юқиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу касаллик таносил аъзолари касаллиги қаторига киритилади. Жинсий аъзолар герпесида беморда майда пуфакчалар тошиб, тезда ёрилади ҳамда оғриқли яра ва чақалар вужудга келиши аниқланган. Пуфакчалар тошишидан олдин бош оғриғи, тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик юзага келади.

Эркак ва аёллар жинсий аъзоларининг учуқ тошиб шикастланиши дунёнинг ҳамма мамлакатларига тарқалгани ва доим ўсиб бораётгани тиббиёт ходимларини ташвишга солмоқда. Бу касалликлар узоқ давом этиб, сийдик йўлларидаги яллиғланиш жараёнларини даволаш қийин кечади. Аёлларда эса бола тушиш ҳоллари содир бўлиши мумкин, ҳомила ва гўдакка учуқ юқиши чақалоқнинг нуқсонли, ақлий заиф бўлиб туғилиши ёки ўлимга олиб келиши тахкидланади. Буларнинг ҳаммаси учуқни даволаш ниҳоятда муҳим эканини кўрсатади, шунингдек, бу касаллик қайталашининг олдини олиш зарур эканини тақозо этади. Бундай беморлар албатта тегишли тиббиёт муассасаларида рўйхатда туришлари шарт.

Мазкур хасталикларга қарши курашда энг муҳим масала дарднинг олдини олиш, шахсий гигиена қоидаларига, соғлом турмуш тарзига риоя қилишдир. Учуқнинг олдини олиш учун организмни чиниқтириш, мавсумга қараб тўғри кийиниш, бемор билан узвий мулоқотда бўлмаслик керак. Учуқ ҳадеб фақат бир жойга чиқаверса ёки кўз, оғиз бўшлиғи, жинсий аъзоларда бўлса ва тез-тез қайталаб турса, албатта, шифокор назорати остида даволаниш лозим. Касаллик авж олганда бемор ўринда ётиши шарт. Беморга витаминларга, микроэлементларга бой гўштли овқатлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Шунингдек, иммунитетни пасайтирувчи зарарли одатлар – спиртли ичимликлар ичиш, тамаки ва нос чекишдан воз кечиш зарур.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!