TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Ўтиш даври инқирозлари

Бутун умри мобайнида турли ўтиш даврларини бошдан кечирамиз. Бу пайтда организмимизда кечаётган турли физиологик ўзгаришлар маълум муддат руҳиятимиз, хулқ-атворимизга ҳам таъсир кўрсатади. Психологияда мазкур ҳолат ўтиш даври инқирозлари деб номланади. Ҳаётнинг янги бир босқичи бизни ҳам жамият, ҳам шахсиятимизга бўлган муносабатларимизни ўзгартириб, ижтимоий даражамизга ҳам таъсир кўрсатади. Айрим ҳолларда бу ўзгаришлар салбий жиҳатлари билан намоён бўлади…

Психологлар ҳар ким ҳам дуч келиши аниқ бўлган бундай босқичларни батафсил ўрганиб чиқишган. Инқирозларнинг қайси ёшда қай  аломатлар билан юзага чиқиши мумкинлиги, бундай пайтда нималарга эътибор қаратиши, қандай иш тутиши лозимлиги борасида кўплаб изланишлар, кузатувлар натижалари, мутахассислар хулосалари тақдим этилган. Аввало, айтиш лозимки, халқларнинг маданий ва диний қарашлари, турмуш тарзи турлича бўлгани боис ўтиш даврлари ҳам ўзига хос кўриниш, ёш ва ижтимоий муносабатлардаги катта-кичик фарқлардан ҳоли эмас. Шу билан бир қаторда, психологлар ўтиш даври ҳар бир инсонда ўзига хос тарзда кечишини ҳам таъкидлаб ўтишган. Бироқ, бу борада жаҳоннинг турли давлатларида фаолият олиб борувчи мутахассислар умумий ўртача меъёр ва кўрсаткичларни қайд этиб ўтишган.

Ўтиш даври кўплар ўйлаганчалик фақатгина ўсмирлик даврида содир бўлмайди. Балки умримиз давомида 7-8, баъзан 10 маротабагача ўтиш босқичларидаги ўзига хос мураккабликлар билан ҳисоблашишимизга тўғри келади. Қайси ўтиш даври бўлмасин, уларнинг ҳар бирида мураккаб эмоционал ҳолат намоён бўлиши мумкин. Бунда инсон боласининг ўзи ва атрофидагилар билан муносабати ўзгаради, турли касалликлар, стресс, сурункали ҳолсизлик ва асабийлик, организмда гормонал ва бошқа физиологик ўзгаришлар кузатилади. Мутахассислар қуйидаги бир қатор энг кўзга ташланарли ўтиш даври инқирозларини санаб ўтишган.

Янги туғилган гўдакдаги инқироз. Гўдак дунёга келар экан, табиийки, маълум муддат организмининг мутлақо нотаниш муҳитга мослашиш жараёнини бошдан кечиради. Нафас олиш ва овқатланишдан тортиб, бошқа кўплаб физиологик жараёнлар бутунлай бошқа бир шаклга ўзгаради. Психотаҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, бу пайтда олинган ҳар қандай жароҳат инсонга умр бўйи ҳамроҳлик қилади.

3 ёш инқирози.  Шахсий “мен”ни англаш босқичи ҳисобланган 3 ёшда кўпчилик болалар катталар ва тенгдошлари билан ижтимоий муносабатларни ўрнатишда қийинчиликларга дуч келади. Машҳур немис психологи Эльз Келер “Уч ёшли бола шахсияти” номли ишида мазкур даврда турган болалар руҳиятига хос ўзгаришларнинг етти кўринишини санаб ўтган. Унинг фикрича, бу босқичда негативизм, яъни бир одамнинг бошқа кишилар билан муносабатларида салбий реакция кузатилиб, бола катталарга бўйсинишни истамайди. Шу билан бирга, инжиқлик, қайсарлик, ўзбошимчалик, эътироз, катталарни қадрсизлантиришга уриниш ва болалар деспотизми (зўравонлиги) кузатилиб, кўпинча ундан “мен ўзим…” иборасини эшитиш мумкин. Нотўғри тарбия натижаси ўлароқ, боланинг жавоб реакцияси баъзи ҳолларда ўта салбий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.

6-7 ёшга келиб болада тишларнинг алмашиши, юз қиёфасининг ўзгариши, бола танасининг тез ўсиши, чидамлилигининг ортиши, мушакларнинг бақувватлашиши, ҳаракатлар мувозанатининг такомиллашуви кузатилади. 3 ёшлилар инқирози пайтида бола ўзининг мавжудлигини, менини англаб етган бўлса,  ижтимоий муносабатлардаги ўз ўрнини топишга ҳаракат қила бошлайди. Яъни, мавжудликдаги “мен”дан ижтимоий “мен” сари қадам ташланади. Мактабгача ёшдаги бола ўз-ўзига “мен меҳрибонман”, “мен қийналаяпман”, “мен ёмон иш қилаяпман” деган сўзларни айта олади. Ўз ҳаракатларига нисбатан онгли ёндашиб, эски қизиқишлар ўрнига янгилари билан шуғуллана бошлайди. Бироқ болада ҳали ҳиссиётларини бошқариш қобилияти шаклланмаган бўлади. Омадсизликлар занжири (ўқиш ёки катталар билан бўлгн муносабатларда) норасолик, каситилиш, ўзига ишончнинг сусайиши, компетентлик, ўзига хосликларнинг йўқолишига олиб келиши мумкин.  Бола онгли равишда қандайдир ролни бажариш, аввалдан тайёрланган, бироқ унчалик ҳақиқатга мос бўлмаган қиёфаларга киришга ҳаракат қила бошлайди. Бу пайтда бола тарбиясида оғирлашиб, уни бошқариш бирмунча қийинлашади. Бу пайтда бола учун энг зарур бўлган нарса — ҳурмат. Агарда бу талаб қондирилмаса, у билан ўзаро тушунишга асосланган муносабатларни ўрнатиш қийинлашади.

Шу билан бирга, ота‑онасининг одатий буйруқ ва талаблари билан ҳисоблашиб, муҳокама қила бошлайди, айёрлик, ўжарликка мойил бўлади. Тез‑тез “нима учун?”, “қандай?”, “нега?” деган саволларни бера бошлайди. Мазкур ёш самимийликнинг йўқолиши билан ҳам характерли бўлиб, бу боланинг ҳар бир хатти-ҳаракатига эҳтиёткорлик ва босиқлик, сабр-тоқат билан жавоб бериш лозимлигини англатади.

13 ёшлар атрофи болаликдан ўсмирликка ўтувчи муҳим давр ҳисобланади. Ўсмирлик ёшига ўта туриб организм жуда тез суръатларда ўсади. Одатда қизлар ўғил болаларга қараганда икки йил аввалроқ ўсмирлик даврига қадам қўяди. Болалар йилига ўртача 8,9 сантиметр, қизлар эса 10,4 сантиметргача ўсади. Вазннинг ортиши ўғил болаларда мушак толаларининг, қизларда эса ёғ тўқималарининг кўпайиши ҳисобига содир бўлади. Шу билан бир қаторда, организмдаги гормонлар миқдори ўзгариб, иккиламчи жинсий белгилар юзага чиқа бошлайди. Овозлар ўзгариб, ёғ ва тер безларининг фаоллиги ошади. Яқинда ўтказилган тадқиқотлардан маълум бўлдики, бош мия ривожланиши ҳам жинсий балоғатга етиш билан тўлақонли якунланади. Бироқ ўсмирларда эмоционал ва бир қатор фикрлаш соҳаларига таъсир кўрсатувчи нейронлар ўртасидаги алоқа унчалик ривожланмаган бўлар экан. Шу боис ушбу ўтиш даврида аксарият ўсмирларда тушкунлик, қайсарлик ва мантиқий фикрламасдан иш тутиш ҳолатлари кузатилади, улар ўз ҳиссиётлари, хатти‑ҳаракатларига жавоб бера олмай қолишади.

Бу пайтдаги физиологик, гормонал ўзгаришлар боланинг ўқишга бўлган қизиқишининг камайиб кетиши, ишчанлик шаштининг тушиб кетиши билан юзага чиқади. Энди бола эмас, балки ўсмирга айланмоқда. Унинг қизиқишлари доираси кенгаяди, ўзининг шахсий фикрини шакллантириш ва мустақил равишда уриниб кўришга бўлган иштиёқ ортади. Ўсмирлар жамиятда ўз ўрнини топишга, мустақилликка интилади. Шунингдек, зарарли одатлар, баъзи ҳолларда ўз жонига қасд қилишга мойилликнинг кучайгани ота-она ва яқин-атрофдагиларнинг эҳтиёткорона муносабатда бўлиши лозимлигини кўрсатади.

Организмда физиологик ўзгаришлар кечаётган вақтда одатдагидан кўа кўпроқ ухлаш тавсия қилинади. Сабаби инсон вужуди тез ривожланаётган вақтда организм ортиқча зўриқиш билан ишлайди. Уйқу вақтида эса ўзгаришлар жараёни нисбатан маромида кечади. Шу боис ўсмирлар бир суткада ўртача 9,5 соат ухлаши мақсадгу мувофиқ.

30 ёш. Ёшлик ортда қолди, инсон ўз қилган ишларини баҳолай олади, келажакка янада теранроқ назар ташлайди. Кўпчилик бу ёшда ўз “каръераси”ни бошлайди, ишга, лавозим пиллапоялари сари илдамлашга ҳаракат қилади. Бу пайтда ўзига яраша мансаб пиллапояларидан кўтарилиш улгурган аксарият кишилар ишдан бўшаб кетиш, раҳбари билан келишмовчиликка дуч келиб қолишдан, фарзандларининг бирор муаммоларга йўлиқиши, масалан, касалликка чалинишидан хавотир олиб яшайди, дейилади психологик манбаларда. Улар ўзларини оиланинг таянчи деб билади. Бу эса анчагина оғир масъулият демакдир. Бу ёшдаги аёллар эса энди ўзини ёш ва гўзал эмаслигини тушуниб етади. Шу боис ташқи кўринишига янада кўпроқ эътибор қарата бошлайди. Баъзи эркаклар эса 30 ёшгача муваффақиятга эришиш, ўзи ва оиласи учун барча шароитларни яратиб олиш лозим деган қараш натижаси ўлароқ, ўз мақсадларига эриша олмаса тушкунликка тушиб қолади. Умидсизликка тушиб, ўзини омадсиз ҳис эта бошлайди, хавотир ва қўрқинчлар уни стресс ва депрессия гирдобига тортиб кетишгача олиб боради. Бошқалар эса аксинча, оилавий ҳаётига кўпроқ эътибор қаратишни маъқул кўради, ҳаётнинг асл маъносини қидиради, юрак ва ақл билан иш тутишни режалаштиради.

40-45 ёшлар инқирози. 40 ёшни баъзи мутахассислар “Бальзак ёши” деб аташади. Ўрта ёшлар инқирози деб аталувчи мазкур босқич ҳам бирмунча мураккаб кўринишга эга. Организм аста-секинлик билан кучдан қолиб, ўз гўзаллигини йўқота бошлайди. Шу ёшлар оралиғида кексаликнинг илк аломатлари билан кураш кечади. Инсон онгида қандайдир ғариоддий юмушларни бажариш фикри пайдо бўлади. Руҳиятида кечаётган ўзгаришлар кимнидир эътиқод, яна кимнидир фалсафа билан чуқурроқ шуғулланишга ундаса, баъзи кимсалар бузғунчи ғоялар гирдобига тушиб қолиши мумкин.

50 ёшга келиб эса яна бир муҳим ўтиш даври эркак ва аёллардаги климакс ҳолати билан характерланади. Айниқса аёлларда қон босимининг ўзгариши, асабийлик ва бошқа бир қатор аломатлар яққолроқ намоён бўлади. Ўтган асрнинг 50-йилларидан ушбу даврни муаммоларсиз босиб ўтишга қаратилган турли даво чоралари амалда қўлланиб келинаётгани боис, бугунги кунда мазкур босқични деярли сезиларсиз бошдан кечириш имкони мавжуд. Шундай бўлишига қарамасдан, 50 ёшлар атрофидаги кишилар билан муносабатда улар руҳиятидаги ўзгаришларни ҳисобга олиш, имкон қадар тўғри тушунишга ҳаракат қилган маъқул.

60 ёшдан сўнг организмда кексариш жараёни жадаллашади. Кўриш, эшитиш қобилияти ёмонлашиб, тишлар тушиши, сочнинг кескин оқариши кузатилади, турли сурункали касалликларга мойиллик кучаяди. Аксарият кишилар нафақага чиққанидан сўнг нима билан машғул бўлишни билмай қолади. Фарзандлари ўсиб-улғайиб, эндиликда ўз ҳаёти билан андармон бўлиб қолган, қадрдон дўстлари сафи ҳам сийраклашган. Баъзилар ўзини ҳеч кимга кераксиздек ҳис этади, депрессия гирдобида ҳаёт мазмунини йўқотиб қўяди.

Муаммонинг уч ечими

  1. Биргаликда ҳаракат қилиш

Ўтиш давридаги муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал қилиш муҳим аҳамият касб этади. Бунда оиланинг барча аъзолари, яқин дўстлар иштирок этгани маъқул. Ўтиш даврига оид маълумотларни тақдим этиш орқали ижобий натижага эришиш мумкин. Ҳар бир ўтиш давридаги ўзига хос жиҳатларни инобатга олган ҳолда оиланинг катта ёшли аъзолари керакли тушунтиришларни олиб бориши, зарур кўникмаларни амалда кўрсатиб бериши мақсадга мувофиқ.

  1. Соғлом турмуш тарзи

Соғлом турмуш тарзига риоя этиш ҳар қандай босқичнинг енгил ва асоратларсиз ўтишини таъминлаши аниқ. Тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланиш, кун тартибига риоя этиш, кайфиятни аъло даража ушлаб юриш жуда фойдали. Масалан, инсон ўзи қизиққан бирор спорт тури билан шуғулланиши уни физиологик ва руҳий инқирозлардан чалғитади. Тўлақонли, саломатлик учун фойдали овқатланиш рационини танлаш ва турли зарарли одатлардан узоқ бўлиш ҳам ўта муҳим. Чунки чекиш ёки ичиш организмдаги тикланиш ва ривожланиш жараёнларини секинлатиши, ўтиш даврига хос салбий ўзгаришларни янада кучайтириши мумкин.

  1. Ҳаммаси таққослаш орқали англанади

Болалар катта бўлар экан, уларнинг ҳаёт қийинчиликлари, мураккабликларини мустақил тарзда ҳис этишларига қўйиб бериш лозим. “Мен сенга айтгандим, сен эшитмадинг”, қабилидаги гап‑сўзларни қўлламасдан, болаларга ўтиш даврларида маслаҳатгўйлик қилиш керак холос.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!