TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Уйғонишни биламизми?!

“Кунни қандай бошласанг, шундай тугаллайсан” деган пурмаъно нақл бор халқимизда. Шу боис, сиҳатимиз ва кайфиятимиз қандай уйғонишимизга бевосита боғлиқ.
Аҳамият берсак, зулмат, қоронғулик ёхуд ҳаттоки булутли кун ҳам кўпчилик кайфиятига салбий таъсир этади. Дарҳақиқат, қоронғу тунда, кескин таъсиротлар остида уйғониш танада мелатонин гормони — ғамбодалик яъни депрессия биофаол моддасининг кўп ишлаб чиқилишига сабаб бўлиши аниқланган. Бундай кайфиятга уйғотувчи мосламалар (будилник, қўл телефони ва ҳ.к.лар)нинг кескин овози ҳамда ёруғлик танқислиги сабаб бўлар экан. Бундай кайфиятда уйғонган кишиларда уззу-кун тажанглик, одамовилик ёхуд аксинча, серзадалик кузатилади. Натижада, киши ишидаги унумдорлик, оиласидаги тотувлик каби кўплаб жиҳатларга путур етади.
Аксинча бўлганда, қандай ҳолат рўй беради?
Агар киши тўйиниб, уйғотувчи мосламаларнинг оҳиста, аста-секин кўтарилиб борадиган, кескин бўлмаган, ёқимли овози таъсирида уйғонса, теграсида нохуш зулмат эмас, ғира-шира ёруғликни ўзига сингдираётган муҳитни кўриб кўз очса, аксинча, танада бахтиёрлик гормони – серотонин биофаол моддаси ишлаб чиқилиши кескин кучаяр экан. Бу эса яхши кайфият, аъло сиҳат ва баракали ризқ-неъмат демакдир. Айримларнинг уйғонишлари қийинлиги “ёмонликлар онаси” бўлган заққум бодалар истеъмолига, ухлатувчи дориворлар қабулига ва ўз вақтида уйғонмасликка ёхуд айрим касалликларга боғлиқ бўлиши тиббий жиҳатдан ўз исботини топган.
Оилани, хонадондаги барчани уйғотувчи бекаларга маслаҳатларимиз:
  1. Оила аъзоларининг ўз вақтида барвақтроқ ухлашга ётишларига жиддий эътибор берилиши лозим.
  2. “Будилник” овози кескин, ёқимсиз эмас, аста-секин кўтарилиб борадиган, ғашга тегмайдиган бўлиши лозим. Шунингдек, ётоқ каровоти ёнида будилник билан “ҳамнафас” стол лампаси ёқилиши, ёруғлик эса, аста-секин ошадиган, юзга тўғри тушмайдиган бўлиши шарт.
  3. Ётоқхона ойналари ва пардалари қия бўлса-да (қўшнилар назари тушмайдиган ҳолда) очилгани маъқул.
  4. Агар ота-боболаримизнинг “юзга сув сепиб, уйғотиш” услубини қўллайман десангиз, ўта ҳушёр бўлинг. Бу услуб ақл билан, илиққина сув ёрдамида, ҳазил-мутойибага йўғрилган ҳолда амалга оширилсагина бўлади. Аксинча эса …
  5. Охирги услуб, “эркатой – кенжатой”ингизни отасига “уйғотувчи элчи” сифатида юборинг. Бу энг самарадор услубдир.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!