TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Вирусли гепатит В нимаси билан хавфли?

Вирусли гепатит В оғир касаллик бўлиб, ўз вақтида даволанмаса, айрим ҳолатларда сурункали гепатит В га ўтиб кетиши кейин у ўз навбатида жигар циррозига, келгусида жигар саратонига сабаб бўлиши мумкин.

Шу ўринда вирусли гепатит В билан боғлиқ бир муаммони айтиб ўтиш керак, бу – дельта-гепатит вируси. Дельта-гепатит нуқсонли вирус ҳисобланиб, ўзи касаллик чақира олмайди. Лекин организмида В вируси бўлган одамларга тушиб қолса, В вируснинг юзаки оқсилидан фойдаланиб, ўзига қобиқ ясайди-да, патоген, яъни касал чақириш хусусиятига эга бўлган вирус ҳолига келади. Дельта-вирус оғир касалликларга сабаб бўлади: эрта ривожланувчи жигар фибрози, циррози, сурункали дельта-гепатит, сурункали дельта-цирроз ва ҳоказо. Ҳозирги кундаги эмлаш ишлари натижасида гепатит В камайиши, албатта, дельта-гепатит муаммосини ҳам бартараф этади.

Вирусли гепатит В – жудаям мураккаб вирус. У уч хил антигендан иборат. Бу вируснинг антигенлари, яъни оқсиллари бизга у ҳақда маълумот беради. Ҳар бир оқсилни аниқлайдиган махсус усуллар бор. Шулар ёрдамида В вируси текширилади ҳамда хулоса қилинади. В вирус фаол ҳолатда беморларни даволашга ҳаракат қилиш керак (кўпроқ сурункали шаклларини). Вирус фаол бўлмаган ҳолатларда эса вирусга қарши даво ўтказиш шарт эмас.

Ўткир гепатит В катталарда фақатгина 5 фоизгача сурункали шаклга ўтиши мумкин. Аммо болаларда унинг фоизи катта бўлади. Янги туғилган чақалоқларда гепатит В нинг сурункали шаклга ўтиши 50-90 фоизгача кўрсаткични ташкил қилиши мумкин. 5 ёшгача бўлган болаларда эса бу кўрсаткич 10-30 фоизни ташкил этади. Нима учун фоизлардаги фарқ бунчалик катта, деган савол туғилиши мумкин. Бу иммунитетга боғлиқ, яъни иммунитет яхши ишлаган ҳолатларда сурункали гепатит ривожланмайди. Чақалоқларда, ёш болаларда иммунитет паст бўлгани учун В гепатит катта фоизда сурункали шаклга ўтиб кетади.

Ҳозир кўпроқ гепатит Внинг сурункали шакллари қайд этилмоқда. Сурункали гепатит ҳам ҳар хил кечади. Айрим беморларда фақатгина вирус ташувчилик ҳолати юзага келади. Бунда бемор ўзида вирус борлигини билмаслиги ҳам мумкин. Уларда вирус тасодифан аниқланиб қолади (масалан, ишга киришдан олдин қонини текширтирса ёки ҳомиладорлик давридаги кўриклар вақтида ва ҳоказо). Айрим беморлар ўзида шу вирус борлигини билмасдан ҳаётдан ўтиб кетишлари ҳам мумкин. Агар беморларда сурункали гепатитнинг манифест, яъни клиникаси мавжуд бўлган кўриниши юзага келса, албатта, улар турли шикоятлар билан шифокорга мурожаат этишади. Уларнинг кўпчилигида тез чарчаш, қувватсизлик, жисмоний меҳнатдан тез толиқиш, терлаш, иштаҳа пасайиши, қорин дамланиши кузатилади. Жигар соҳасида оғирлик ёки оғриқ пайдо бўлади. Оғизда аччиқ, бемаза таъм белгилари юзага келади. Айрим пайтларда беморни бўғимлардаги оғриқлар безовта қилади. Баъзида қичийдиган тошмалар тошади. Ўшанда беморлар бошқа шифокорларга, яъни кимдир ревматологга, бошқаси дерматологга мурожаат қилади. Ваҳоланки, бунинг сабаби сурункали жигар хасталиги бўлиши мумкин. Шунинг учун агар беморларда қувватсизлик билан бирга иштаҳанинг йўқлиги, қорин дамланиши, жигар соҳасидаги оғриқлар, терида қичишиш ва тошмалар кузатилса, албатта, жигар хасталигига ҳам текширтириш керак бўлади. Бундай вазиятларда шифокорга, биринчи навбатда, беморнинг жигарини, қора талоғини пайпаслаб кўради. Кўз, тил ости шиллиқ қаватларини текширади. Сурункали гепатитнинг объектив симптомларидан айримлари бу жигарнинг катталашиши, қаттиқлашиши, пайпаслаганда жигар қирраларида оғриқнинг пайдо бўлиши, тахминан 30-50 фоиз ҳолатларда қора талоқнинг катталашишидир.

Олдини олиш учун

Вирусли гепатитлар профилактикасини икки турга ажратиш мумкин: специфик ва специфик бўлмаган турлар.

Специфик профилактика деганда, ҳаммани гепатитга қарши эмлаш тушунилади. Эмлаш 3 марта олиб борилади. Биринчиси туғруқхонада эмланса, иккинчи, учинчисини поликлиника шароитида қилинади. Эмлаш натижасида болаларнинг 95-98 фоизи иммунитет ҳосил қилади. Улар келажакда гепатит В билан касалланмайди. Шунинг учун катталарни ҳам эмлаш, айниқса, қон ва қон препаратлари билан ишлайдиган, яъни хавф гуруҳига кирувчи одамлар ҳам эмланса, жудаям тўғри иш қилинган бўлар эди. Шунингдек, турмуш қураётган ёшлар тўйдан олдин, албатта, тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Чунки бўлғуси келин-куёвларнинг бирида вирус ёки бошқа касалликлар бор бўлиши мумкин. Агар мабодо уларнинг бирида гепатит вируси бор бўлса, албатта, унга қарши 3 марта эмланиши лозим. Шундан кейингина турмуш қуришса, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки вирусли гепатит В 60-80 фоиз ҳолатларда жинсий йўл билан юқиши мумкин. Агар жуфтликлар эмланган бўлса, юқишнинг олди олинади.

Қолаверса, касаллик турлди тиббий муолажалар вақтида ҳам юқиб қолиши мумкин. Масалан, қон, қон препаратларини олганда, жарроҳлик амалиётлари натижасида, эндоскопик, стоматологик текширувлар, амалиётлар, даволаш жараёнлари вақтида ҳам юқиш эҳтимоли бор. Шунинг учун жудаям эҳтиёт бўлиш керак. Агар тиббиёт муассасаларида стерилизация ишлари тўғри йўлга қўйилган бўлса, бу муаммонинг олди олинади.

Бундан ташқари, гепатит В тиббиётга боғлиқ бўлмаган ҳолатларда юқиб қолиши мумкин. Масалан, пирсинг (қулоқни, бурунни тешиш), татуировка қилдирганда.

Вирусли гепатит қандай хавф туғдиради?

Гепатитнинг ўткир фазасида, яъни ўткир гепатит В да энг катта хавф ўткир жигар энцефалопатиясининг ривожланишидир. Бунда беморнинг жигари жуда тез, икки-уч куннинг ичида эриб кетади. Жигар ўзини-ўзи эритиб юборади. Бундай одамларда иммунитет жудаям кучли бўлади. Кучли иммунитет вирусни ўлдираман деб у билан бирга жигарни ҳам эритиб ташлайди. Шу ҳолатда 100 фоиз ўлим кутилиши мумкин, десак ҳам хато бўлмайди. Касалликнинг ўткир фазасида энг хавфли асорати шу.

Ўткир гепатит В ёшга қараб турли ҳолатларда сурункали шаклларга ўтиши мумкин. Бундай беморлар хоҳлаган овқатини еёлмайди, хоҳлаган ишини қилолмайди. Яна ўткир гепатит билан оғриган беморларнинг 0,5-1 фоизида жигар циррози ривожланади. Бу ҳам жуда катта хавфлардан бири. Кейин жигар циррози жигар саратонига айланиб кетиши мумкин. Шунинг учун ўткир ва сурункали гепатитларни, жигар циррозини иложи борича эрта аниқлаш ва даволаш келгусида ривожланиши мумкин бўлган бундан ҳам оғирроқ асоратларнинг олдини олишга ёрдам беради.

'Вирусли гепатит В нимаси билан хавфли?' 2 комментария

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-397">

    28.03.2016 @ 11:27

    Қанча вақт даволаш кераг гепатит в ни?
    Ва қандай нарсаларни танавул қилиш кераг. ?
    Илтимос шу саволимга жавоб берсангиз,

    li class="comment odd alt thread-odd thread-alt depth-1" id="comment-3079">

    11.10.2017 @ 19:57

    Ассалом алекум мани вирусли гепатит буйича муродатим бор эди. Мени опам хомиладорлик куригидан утаётиб унда вируслиигепатит в борлигини билган. Шифокорлар томонидан касални фарзанд тугилгандан кейингина даволаса булади дейишган эди. Тугрукдан кейинги анализларга кура конда вирус купайгани маълум булди. Хомиладорлик даврида опам такикланган озик овкатларни истеъмол килмаган. Мани саволим вирусни бутунлай кандай бартараф килса булади. Жавоб учун олдиндан рахмат .

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!