TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ХАСТАЛИКДАН ҚАНДАЙ ХАЛОС БЎЛИШ МУМКИН?

Билмасангиз, билиб қўйинг: касаллик нафқат турли-туман дори-дармонлар, балки бизнинг кўтаринки кайфиятимиздан ҳам қўрқади. Агар бемор тузалишга астойдил ҳаракат қилса, кун келиб дарднинг чекишини тайин. Қолаверса, бу курашда энг муҳими – фаоллик. Шундай экан, кайфиятни кўтаринг ва бадантарбия билан шуғулланиб, вужудингизга ёпишган хасталикдан халос бўлинг. Хўш, қайси машқлар фойдали? Бу саволнинг жавоби қайси касалликка чалинганингизга боғлиқ. Лекин деярли барча учун пиёда юриш фойдалидир. Қанча масофа ва қандай тезликда юриш борасида кишининг ёши ҳамда соғлигига қаралади. Машиналар тутуни буруқсаган катта кўчалар ёқасида эмас, хушманзара ва ҳавоси тоза жойларда сайр қилинг. Бирор ҳамроҳингиз бўлса, янада яхши.

Юракка ёрдам

Кўпгина беморлар касаллик номи, масалан, стенокардияни эшитишлари билан ҳар қандай жисмоний машғулотдан ўзларини олиб қочишга уринишади. Аммо бу билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Ахир мушаклар ҳаракати юракка қонни ҳайдашга ёрдам беради. Гўёки ҳар бир мушак «қўшимча юрак»ка айланади-да, «асосий юрак»ка кўмаклашади.

Шуғуллантирилмаган юрак кучсизланишини унутманг. Мутахассисларнинг айтишича, кам ҳаракатлилик оқибатида юрак ишемик касаллигига чалиниш эҳтимоли бир неча баробар ортади.

Лекин юрак-қон томир касалликларига чалинган беморлар жисмоний машғулотлар билан шуғулланишдан олдин, албатта, шифокор билан маслаҳатлашишлари керак. Бу гап биринчи навбатда юрак ишемик касаллиги, гипертония, юрак нуқсони (пороги) ёки аритмиядан қийналадиганларга тегишли. Миокард инфарктини бошидан ўтказганлар ҳам машғулотларни мустақил равишда бошламасликлари лозим. Вегетатив томирлар дистониясига чалинган бўлсангиз-у, умумий аҳолингиз қониқарли ва олдинги машғулотларни яхши ўтказган бўлсангиз, бадан тарбияга киришаверишингиз мумкин.

Нимадан бошлаш керак?

Катта мушаклар гуруҳининг ритмик қисқаришларини рағбатлантирадиган машғулотлар, айниқса, фойдалидир. Лўкиллаб юриш ҳам айни шу машғулотлар сирасидан. Агар ҳали элликка кирмаган бўлсангиз ва бирор жиддий касалликдан азият чекмасангиз, уч километрлик масофадан бошлашингиз мумкин. Элликни ортдан қолдирган бўлсангизу бир қанча хасталиклар сизга ҳамроҳлик қилса, бу масофани тенг ярмига қисқартиринг. Ҳолсизланиб, куч-қувватингиз камайиб кетса ва терга ботсангиз, машғулотни тўхтатинг. Ахир буни ўзингиз, ўз юрагингиз учун қиляпсиз, спортда ютуққа эришиш учун эмас. Юрак оғриқларидан мунтазам қийналадиганлар машғулотларни қай тартибда ўтказиш борасида шифокор билан маслаҳатлашишлари лозим.

Пиёда юришга анча кўриниб, ўзингизни тетик ҳис қиляпсизми? Унда бошқа машғулотларга ўтсангиз ҳам бўлади, масалан, секин югуриш, велосипед ҳайдаш.

Йилнинг ҳар қайси фаслида сузиш билан шуғилланиш фойдалидир, бунда бутун вужудингизда қон айланиши яхшиланади. Муҳими, сузиш билан мунтазам шуғулланинг, машғулотларни ўтказиб юборманг. Бир ярим ҳафталик «таътил» сузишнинг соғломлаштирувчи самарасини йўққа чиқариши мумкин. Ҳар куни бассейнга боришга имкониятингиз бўлмаса, ақалли ҳафтасига тўрт-беш марта қатнанг.

Ортиқча вазнингиз бўлса…

Унда жисмоний машғулотлар ҳаммадан ҳам сизга кўпроқ керак. Ҳаракат – семизликни даволаш воситаларидан бири.

Олимларнинг аниқлашича, семириб кетмаслик учун ҳар куни камида икки соат ҳаракат қилиш керак. Бунинг учун тренажёр залига қатнаш шарт эмас, тоза ҳавода мунтазам сайр қилиш ҳам бўлаверади.

Агар диабетик бўлсангиз…

Шифокорларнинг айтишича, одам қанчалик кўп ҳаракат қилса, диабетга учраш хавфи шунчалик кам бўлади. Лекин бу дардга чалинган бўлсангиз, ҳаракатни икки баравар кўпайтиришингизга тўғри келади. Бадан тарбия билан шуғулланиб туриш қонда қанд миқдорини камайтиради. Қолаверса, бадан тарбия ёрдамида ортиқча вазндан ва томирлардаги атеросклеротик бляшкалардан халос бўласиз, тўқималар глюкозани яхшироқ ўзлаштира бошлайди ва шу тариқа диабетнинг кечиши енгиллашади.

Машғулот турини ёшингиз ва умумий аҳволингизга қараб танланг. Агар пенсионер бўлсангиз ва аввал спорт билан шуғулланмаган бўлсангиз, оддий сайрдан бошлаганингиз маъқул. Олдинига 20 дақиқа сайр қилинг, кейин ярим соат, аста-секин 2-3 соатга етказасиз.

Истасангиз, енгил югуриш ёки сузиш билан шуғулланишингиз мумкин.

Дибетга чалинган беморнинг пойабзали қулаш бўлиши жуда муҳимдир.

'ХАСТАЛИКДАН ҚАНДАЙ ХАЛОС БЎЛИШ МУМКИН?' have 1 comment

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-342">

    04.02.2016 @ 23:37

    Углим брак пароги Билан тугилган бир клафин епилиб колган даволатишга оборгандим операсияни пули кимматлик килди хукумат кандай ердам беради

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!