TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

«ХИТОЙ ОЛМАСИ»НИНГ АЖОЙИБОТЛАРИ

Биласизми, ўрта асрларда Европада ушбу мева жуда қиммат нархда сотилар, уни фақат зодагонларнинг дастурхонида кўриш мумкин эди. XVII асрда Европа ва Ҳиндистон орасида савдо йўллари очилгач, апельсин кўҳна қитъа бўйлаб тарқалиб кетди.

«Апельсин» сўзи немисчида «хитой олмаси» деган маънони билдиради. Нега энди Хитой олмаси? Чунки бу меванинг ватани Хитой-да! У қачонлардир мандарин билан чатиштириш натижасида ҳосил бўлгани ҳақида тахмин бор.

Апельсин меваси ажойиб десерт ўрнини босиб, иштаҳани яхшилайди. Витаминлар ва биологик фаол моддаларга бойлиги учн гиповитаминоз, жигар, юрак ва томир касалликларининг олдини олиш ҳамда уларни даволашда ишлатилади. Мазкур мева таркибидаги пектинлар ҳазм ишини яхшилаб, йўғон ичакнинг мотор функциясини кучайтиради. Апельсин таркибида лимон кислотаси, қанд, витаминлардан С, В, А мавжуд. Меваси қандолатчиликда ишлатилади; гуллари, барги ҳамда пўстлоғидан эфир мойи олинади.

Ичаклар фаолиятини яхшилаш ҳамда қабзиятнинг олдини олиш учун наҳорга апельсин шарбати ичиш ёки мевасидан бир-иккита ейиш лозим. Кўпдан бери битмаётган жароҳат ва яраларни даволаш, цинга касаллигининг олдини олиш учун ҳам апельсин шарбати ичиш тавсия этилади.

Апельсин шарбати яллиғланишга қарши курашиш хусусиятига эга, қонда тиқинлар пайдо бўлишининг олдини олади. Хитойлик шифокорлар апельсиннинг қуритилган пўстлоғини йўтал ва шамоллашни даволашда ишлатишар экан.

Диққат! Ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси, гастрит, энтерит, колитга чалинган, ошқозон кислоталилига кўп ва аллергияси бор беморлар апельсин истеъмол қилишдан ўзларини тийганлари маъқул.

Доктор апельсин

— Гипертония касаллиги бошланаётган пайт қуйидаги давони қўллаш мумкин: 1 дона апельсинни пўстлоғи билан қирғичдан ўтказиб, кунига 3 маҳал 1 чой қошиқдан истеъмол қилинади. Муолажа муддати – 2-3 ҳафта.

— 2 дона апельсин ва 2 та лимоннинг уруғи олиб ташланиб, гўштқиймалагичдан ўтказилади. Ҳосил бўлган аралашмага 2 ош қошиқ асал қўшилади. Шиша идишга солиб, хона ҳароратида бир сутка қолдирилади ва кейин совуткичга қўйилади. Кунига 2-3 чой қошиқдан овқатдан ярим соат олдин истеъмол қилинади. Ушбу муолажа бир ой давомида ўтказилади, икки ҳафта танаффусдан кейин яна давом эттириш мумкин, қон томирларни тозалашга яхши ёрдам беради.

— Безгак тутганда ҳар 3 соатда 1 стакандан апельсин шарбати ичиш керак.

— Cурункали қабзиятдан қийналадиган кексалар эрталаб наҳорга ёки кечқурун уйқуга ётишдан олдин апельсин шарбати ичганлари маъқул.

— Бронхитда (айниқса, ўткин босқичида) нафас олиш осонлашиши учун апельсинли ингаляция қилинади: апельсин пўстлоғи қайнатмаси буғидан ярим соат нафас олиб ўтирилади.

— Апельсин пўстлоғи қайнатмаси қўрғошиндан заҳарланишда ёрдам беради: 2 ош қошиқ майдаланган пўстлоқни ярим литр қайноқ сувга солиб, идишнинг оғзини беркитган ҳолда 5 дақиқа қайнатилади ва 20 дақиқа дамлаб қўйилади. Сузиб, ҳап 5 соатда 1 стакандан ичилади. Бунга қўшимча равишда ҳар куни 200 гр нордон апельсин шарбати ичиб турган яхши.

— Апельсиндан косметика ва парфюмерия соҳасида ҳам фойдаланилади. Қу¬йида гўзаллик бахш этувчи рецептлар билан танишинг.

2 ош қошиқ йогуртга 1 ош қошиқ майдаланган апельсин пўстлоғи, ярим чой қошиқ туз ва ярим чой қошиқ зайтун ёғи қўшасиз. Бу муолажа ёрдамида юз терисини тозалаш мумкин.

Юз терисини витаминлар билан сийламоқчи бўлсангиз, ушбу усулдан фойдаланинг: апельсинни юпқа бўлакларга бўлиб, юзга қўйинг. 15 дақиқадан кейин аввалдан тайёрланган дамлама билан артиб ташланг. Бунинг учун апельсин пўстлоғи устига қайноқ сув қуйинг, идишни ёпиб, тиндириб қўйинг. Мазкур муожалани ҳар куни бажаринг.

Апельсинли ичимлик

Керакли маҳсулотлар: 1,5 литр сув, пўстлоғидан ажратилган 3 дона апельсин, 1 кило шакар, 3 чой қошиқ лимон кислотаси, таъбга кўра газли сув.

Тайёрланиши: майда бўлакларга ажратилган апельсин устига қайнаган сув қуйинг. Бир суткадан кейин мева бўлакларини сувдан олиб, гўштқиймалагичдан ўтказилади. Кейин яна ўша сувга солинади, илитиб, бир суткага олиб қўйилади. Докадан ўтказгач, илитилиб шакар қўшилади, совигач, лимон кислотаси қўшилади. Аралаштиринг ва таъбга кўра газли ёки минерал сув қўшинг.

«Қишки боғ» десерти

Керакли масаллиқлар: 2 дона апельсин, 3 дона киви, 2 дона мандарин, 300 гр йогурт, 1 та лимон шарбати, 1 чимдим шакар, 4 дона ёнғоқ.

Тайёрланиши: меваларни арчиб, тўғрайсиз. Кейин йогурт, лимон шарбати ва ёнғоқ қўшиб аралаштирасиз. Бу десертни дастурхонга тортишдан олдин тайёрлаш лозим. Акс ҳолда мевалар ранги хиралашиб колади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!