TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ЯССИ ОЁҚЛАР

Ясси оёқлик деб оёқ панжаси гумбазининг ялпайиб, текис бўлиб қолишига айтилади. Оёқ бўйига ёки энига ясси бўлиши мумкин, гоҳида ҳар икки кўриниши ҳам биргаликда учрайди. Оёқ бўйига қараб ясси бўлса, унинг таги ерга бир текис тегиб туради. Оёқ яссилиги туғма ва орттирилган бўлиши мумкин. Орттирилган тури кўпроқ кузатилади. Туғма ясси оёқликка мушакларнинг бўшлиги сабаб бўлади. Орттирилган турини эса рахит, мушакларнинг бўшлиги, турли жароҳатлар, маймоқлик, пойабзалнинг ноқулайлиги келтириб чиқаради.

Белгилари

Оёқ тез толиқади, таги оғрийди, болдир, сон соҳасида ҳам оғриқ сезилади, юрганда тез чарчаб қолади; кейинчалик оғриқ тизза бўғимлари ва белга ҳам тарқалади. Катталарда томирлар бўртиб кетади, кечқурунга бориб, оёқ шишади.

Даволаш усуллари

Ясси оёқликни даволашда энг биринчи чора тўғри пойабзал танлашдир. Пойабзал оёққа қулай, гумбазли, пошнаси паст, ҳажми оёққа мос бўлиши керак. Ундан сўнг даволовчи жисмоний тарбия машқлари ва спорт машғулотлари билан шуғулланиш керак.

Агар бола рахит касаллигига чалинган бўлса, уни тўғри овқатлантириш талаб қилинади. Бундай болани ҳеч бўлмаганда 1,5 ёшгача эмизиш керак. Ана шунда оёқ гумбазининг тўғри шаклланиши, оёқни тўғри ўсиши ва мушакларнинг мустаҳкамлигини таъминлашга эришилади.

Касалликнинг оғирроқ турида физиотерапевтик, даволовчи жисмоний тарбия муолажалари, албатта, қўлланилиши керак.

Болалар сузиш билан шуғулланса яхши бўлади. Айниқса, ёз ойларида кўп сузиш керак. Сузиш пайтида мушаклар яхши ривожланади, организмнинг тўғри ривожланиши учун керак бўлган оёқ гумбази, умуртқа поғонасидаги лардоз, гипоз деган мушаклар тўғри ўсади.

Бу каби муолажалардан болалардаги яссиоёқлик 100 фоиз тузалиб кетади. Катта ёшлиларда эса, масалан, 15-16 ёшлардан кейин бу фоиз сал камайиб боради. Катталардаги яссиоёқлик бутунлай тузалиб кетмаганда ҳам, соғликка зарар қилмайдиган тўғри, ортопедик оёқ кийимларни кийиб юрса, ёмон асоратларга олиб келмайди. Бунинг учун оёқ тагига ортопедик мосламалар қуйилади.

Ясси оёқликнинг туғма турини ҳам даволаса бўлади. Бунинг учун муолажалар бола туғилиши билан бошланади. Оёғига массаж, тузли ванна, жисмоний тарбия қилинади. Туғма ясси оёқликда бола юра бошлаши билан ортопедик мослама кийдирилади.

Асоратлари

Агар яссиоёқликка ўз вақтида эътибор берилмаса, бир қанча асоратлар келиб чиқиши мумкин. Томирларнинг варикоз кенгайиши, оёқларда шиш пайдо бўлиши, бўғимларда атрозни келтириб чиқаради. Бу касаллик даволанмаса, бутун танадаги амортизация жараёни йўқолади. Натижада таянч ҳаракати тизимига, ички органларга, бош миянинг асаб тўқималарига таъсир қилади. Чунки оёқда амортизация бўлмагандан кейин ҳар бир қадам зарб билан ташланади.

Даволаш муддати

Ясси оёқликни даволаш ҳаммада ҳар хил кечади. Баъзиларида оёқ гумбази 1-1,5 йилда пайдо бўлса, баъзиларда эса ундан кўпроқ муддатда ривожланади. Гумбаз пайдо бўлмаган тақдирда ҳам, муолажаларни тўхтатиб қўймаслиги керак. Доимий муолажалар бу касалликниннг асоратларини бартараф этиб туради.

 

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!