TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ЁШЛИКДАГИ ҚУВВАТ ҚАЕРГА КЕТДИ?

Тирик жон борки, вақти келиб қарийди, вақт ўтгани сари ёшлигидаги куч-қувватни йўқота боради. Нега шундай бўлади?

Оддий қилиб айтганда, қариш танамизнинг биологик таназзулга учраб боришидир, у саломатликнинг ёмонлашиши, ақлий имкониятларнинг камайиши ва организм функцияларининг сусайиши билан кечади.

Одамзод ҳар доим кексайиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келган. Қадим замонлардан бери табибу олимлар ўлимни енгиш, абадий ҳаёт кечириш усулларини излаб келишади ва шу пайтгача ҳеч ким бунинг уддасидан чиқмаган. Тўғри, одам умрини узайтиришнинг бир қанча йўллари кашф этилди, аммо ўлмаслик сири номаълум ва ҳозирги кунда аксар мамлакатларда ўлимнинг сабаби сифатида айнан қарилик тилга олинади. Файласуфона изоҳлайдиган бўлсак, туғилишнинг ўзиёқ қарилик сари қадам қўйишдир.

Олимларнинг айтишича, қаришнинг биологик жиҳатлари нафақат кексайиш туфайли келиб чиқадиган ўзгаришлар, балки саломатликнинг умумий ёмонлашиши билан ҳам изоҳланади. Иммунитети сусайгани учун кекса одам турли касалликларга мойил бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам кексаликка хос касалликлар дейилганда, қариш симптомлари ва касалликлар (организмнинг уларга қарши курашишга кучи йўқ) йиғиндисини тушуниш лозим. Айтайлик, ёш йигит зотилжамни енгиб кетиши, лекин кекса киши бу хасталикдан вафот этиши мумкин. Чунки кекса одам танасидаги аксар аъзолар, жумладан, юрак, буйрак, мия ва ўпка иши сустлашган бўлади. Бунинг сабаби эса ўша аъзолар ҳужайраларининг ўлиши ва фавқулодда ҳолатларда тикланиш имкониятининг камайгани билан изоҳланади. Қолаверса, қари одамнинг ҳужайралари ҳар доим ҳам рисоладагидек ишлайвермайди.

Турли хил нохуш ташқи таъсирлар ва ички омиллар сабабли қариш жараёнининг тезлашуви барвақт ёки патологик қаришга олиб келади. Одатда қаришнинг дастлабки белгилари одамда етуклик давридан (шартли равишда 60 ёшдан) сўнг бошланади. Бироқ аслини олганда қариш жараёни организмнинг ўсиши ва ривожланиши тўхтаганидан кейин бошланади. Масалан, 30-35 ёшларда биологик жараёнларнинг фаоллик даражаси пасая бошланиши таъкидланади.

Ҳозирги пайтда қариш сабаблари тўғрисида ягона фикр йўқ, лекин қаришнинг ҳужайралар ирсий (генетик) аппаратига боғлиқлиги ҳақидаги назария ҳаммадан кенг тарқалган. Бинобарин, қариш жараёнида ирсият катта аҳамиятга эга, деб ҳисоблаш мумкин. Баъзи оилаларда узоқ умр кўрувчиларнинг кўп учрашига илгаридан аҳамият бериб келинган. Бундай оилаларда наслдан наслга ўтиш хусусиятлари қаришнинг секинлашиши, шунингдек, касалликларга чидамлилик билан намоён бўлиши мумкин.

Маълумки, умр давомийлигида фақат ирсий омил эмас, ташқи муҳитнинг таъсири ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам кексаяётган одам ўз танаси имкониятларини тўғри баҳолаб, жисмоний ва руҳий зўриқишлардан ўзини авайлаб-асраши лозим. Ёшнинг катталашуви аввало юрак-қон томир ва асаб тизимига ўз таъсирини кўрсатади. Овқатланишининг меъёрий бўлиши семиришнинг, демакки, атеросклероз, қон босими, қандли диабет, бўғимлар сурункали касалликларнинг олдини олади. Алмашинув жараёнлари камайгани сабаб қариётган тана овқатга камроқ эҳтиёж сеза бошлайди. Шунинг учун жониворлар ёғи, қанд, нон, картошка, бўтқаларни камроқ ейиш тавсия қилинади. Шунингдек, ошқозон-ичак йўли ва сурункали жигар, буйрак касалликларининг олдини олиш учун аччиқ, шўр, ширин, ёғли, жуда иссиқ ёки совуқ нарсалардан ва сунъий иштаҳа қўзғатувчи газаклардан ўзини тийган маъқул. Эрта қаришнинг энг биринчи сабаби мушакларнинг камҳаракатлилигидир. Мушак ҳаракатлари организмнинг зарурий эҳтиёжидир. Шунинг учун киши қай бир фаолият билан машғул бўлишидан қатъи назар, муайян тарздаги жисмоний машқлар унинг умри давомида керакдир. Кексалар учун шу маънода эрталабки бадантарбия машқларининг аҳамияти катта. Шу билан бирга, ҳар куни маълум вақтда табиат қўйнида сайр этиш ҳар бир киши ҳаётида соғломлаштирувчи жуда муҳим дақиқалар ҳисобланади.

Қариганда одатдаги ухлатадиган, оғриқ қолдирадиган, тинчлантирадиган сурги дориларни, шунингдек, асаб тизими фаолияти ўзгаришига (тезлашишига) сабаб бўлувчи қуюқ қаҳва ёки аччиқ чойни узоқ вақт кўп ичишдан жуда эҳтиёт бўлиш керак. Кекса ёшда чиниқиш муолажаси жуда муҳим, у организмнинг мослашувчанлик механизмини рағбатлантиради, унинг касалликларга чидамини оширади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!