TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Югуришни ҳозироқ бошлашингиз учун 8 сабаб

Югуриш – хушбичим кўринишга эга бўлишнинг энг яхши ва текин йўли. Югуриш учун ҳеч қандай алоҳида ускуналар ёки махсус жойлар керак эмас, фақат спорт пойабзалингиз бўлса бас. Югуриш кўп касалликларнинг олдини олишга ва даволашга ҳам ёрдам беради. Албатта югуришнинг ўзи ҳар дардга даво эмас, лекин у орқали асаб, қон айланиш тизимларига ижобий таъсир кўрсатса бўлади.

1. Югуриш юрак ва қон томирлари фаолиятини яхшилайди, югуриш орқали тўғридан-тўғри юрак мушакларини машқ қилдирган бўласиз. Натижада юракнинг кучлироқ бўлиши ва янада самарали ишлаши таъминланади.

2. Қонда кислород миқдори кўпаяди. Юрак тез ҳаракат қилганида қон оқими тезлашади, қон оқими тезлашганда эса кислород алмашинуви кучаяди. Вужудимизнинг барча тўқималари ва органларига кўп миқдорда қон, кислород ва озиқ моддалари етказилади.

3. Югуриш чарчашга қарши ҳам яхши даво ҳисобланади. Кундалик юмушлар, асаббузарлик организмда салбий ҳусусиятга эга бўлган моддаларни йиғилишга олиб келади. Бу эса умумий чарчоқликни келтириб чиқаради. Чарчоқни тарқатиш учун яхшилаб терлаш керак. Югурганда эса яхшигина терлаймиз.

4. Вужуд зўриққанда қонда эндорфин гормони кўпаяди. Бу гормонни “бахтиёрлик гормони” деб ҳам аташади. Бу бежиз эмас, албатта, қонда эндорфин кўпайган вақтда одам ўзини енгил ва ташвишлардан холи ҳис қилади. Натижада асабийлашишдан асар ҳам қолмайди

5. Югурганда инсоннинг ақлий фаолияти ҳам кучаяди. Менинг тажрибамда югураётган вақтимда кўпинча узоқ ўйлаб юрган муаммоларимнинг ечими топилиб қолади. Бунга сабаб юқорида айтганимдай қон кислород билан тўяди ва бу марказий асаб системаси, шу жумладан миянинг ҳам яхшироқ ишлашига олиб келади.

6. Доимий тарзда югуриб туриш инсон иммунитетини ҳам кучайтиради. Бунга сабаб қонда эритроцит ва гемоглобин меъёрининг ортишидир. Югурганда қондаги зарарли холестерин миқдори камаяди, очлик ҳисси сусаяди ва ичакларнинг ишлаши яхшиланади. Буларнинг натижасида моддалар алмашинуви тезлашиб тана оғирлиги нормаллашади.

7. Куннинг исталган вақтида югуриш мумкин. Эрталаблари қондаги гормонлар меъёри юқори бўлади ва югуриш умумий меъёрнинг тикланишига сабаб бўлади. Кечқурун ишдан кейин югурганда эса чарчоқ тарқайди, енгил тортасиз, ортиқча иштаҳа очилишининг олди олинади ва мазза қилиб ухлайсиз

8. Доимий равишда югуриб туриш яна мускул ва суяк системамизга ҳам ижобий таъсир қилади. Катта ёшли одамларда югуриш суяклар ба мускулларнинг ўзгариш жараёнини секинлаштиради.

Қадимги юнонларда бир гап бўлган экан: “Агар кучли бўлмоқчи бўлсанг – югур, чиройли бўлмоқчи бўлсанг – югур, ақлли бўлмоқчи бўлсанг – югур”. Шундай экан, қани, бошладик югуришни!

Отабек Нуритдинов

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!