TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ЮСУФИЙ: «ЕЙИЛАДИГАН ВА ИЧИЛАДИГАН НАРСАЛАР ҲАҚИДА РИСОЛА»

Билгил, эй тоза қалб киши, бирма-бир,

Бу сўзни демоқда Юсуфий фақир.

Рисолани қилдим сен учун бунёд,

Еб-ичиш тадбири ҳақида ижод.

Рисола назм-ла бўлганда тамомо,

«Маъкулу машруб» деб унга қўйдим ном.

Ул ойким, чеҳрадан олганда ниқоб,

Хуш дея кўрсатди тарихин шу тоб.

Пайдо бўлди шунда бу хуш дастурхон,

Чиройли, неъмати юз хилда алвон.

Ёмонлардан уни асрагил, Худо,

Яхшиларга насиб этсанг муддао!

 

Ейиладиган нарсалар ҳақида

Агар сен ҳикматдан бўлсанг хабардор,

Сиҳатни ўйлаю, кўп ема зинҳор!

Овқатни тановул айлаганинг чоқ,

Қорнинг роса тўйиб кетмасин мутлоқ.

Озроқ есанг, тезроқ ҳазм бўлади,

Баданинг соғ бўлиб, кучга тўлади.

Чинакам иштаҳа пайдо бўлган он,

Сабр ила тоқатдан қолмагай нишон.

Агар бўлай десанг доим саломат,

Қорнинг очмай туриб емагил овқат.

Ғализ овқатлардан айлагил ҳазар,

Йўқса ундан етар меъдага зарар.

Иссиқ пайдо қилса агар ҳар овқат,

Ҳаво иссиқ пайтда емагил ҳеч вақт.

Одамнинг ичи ҳам қизир зоҳири,

Пушаймон тортади ундан охири.

Танангда ҳарорат кўпайса зинҳор,

Бўлурсан, албатта, зор ила бемор.

Ҳаво ёмон совиб кетгани чоқда,

Совуқ овқатлардан бўлгин узоқда.

Ичу ташинг бирга жанг пайдо қилур,

Совуқ учун айни муддао қилур.

Ҳароратга нуқсон етгани замон,

Ҳазм нуқсонидан қолмайсан омон.

Бир кунда одатинг бўлса, эй ҳушёр,

Бир бор овқат ейиш ёки икки бор.

Ушбу одатингни бузма ҳеч қачон,

Бузсанг, мубталосан ранжга бегумон.

Агар еган бўлсанг сен қуюқ овқат,

Суюқ овқат ема кетидан ҳеч вақт.

Меъдангдан то ўтиб бўлмасдан овқат,

Устидан емоқни қилмагин одат.

Ҳар хил овқат ема, айлагин ҳазар,

Ундан юз беражак ранжу ҳам зарар.

Нозик овқатлардан, эй ўғлим, зинҳор,

Риёзатдан сўнгра қилма ихтиёр.

Агар сенга бўлса дорим муяссар,

Лазиз овқатлардан егин сарбасар.

Лекин айламагин тановул бисёр,

Кўп одам бўлади ундан зор-бемор.

Агар бетаъм бўлса қилинган овқат,

Тановул қил ундан озгина фақат.

Ундан еб бўлмайди пайдарпай мудом,

Иштаҳа танангдан йўқолур тамом.

Ҳакимлар йўлини тутгину маҳкам,

Аччиқ нарсалардан кам е, жуда кам.

Кўп есанг, тезгина қариб қоласан,

Куч-қувват йўқолиб чарчаб, толасан.

Агар ўз жонингга бўлмасанг душман,

Жуда ҳам кам егин шўр нарсалардан.

Баногоҳ баданинг озиб кетади,

Равшан кўзингга ҳам нуқсон етади.

Ҳикмат қонунидан бўйин товлама,

Ширинлик кўп ема ва сўроқлама.

Ҳарорат кўпайиб ундан ўша он,

Жонинг оғриб юрак бўлур нотавон.

Тузсиз бўлса агар еган овқатинг,

Тузлигидан емоқ бўлсин одатинг.

Аччиқ нарсалардан еганинг замон,

Ширин нарсадан ҳам егин ўшал он.

Ширин бўлса агар еганинг зинҳор,

Аччиғини ҳам е, шундай расм бор.

Қовун билан бирга емагин асал,

Гар есанг, албатта, бўлурсан касал.

Анжир билан сутни аралаш қилма,

Зарардан ўз-ўзинг бағрингни тилма.

Емагин сен хардал бирла саримсоқ,

Ҳам товуқ тухумига қўшмагил пишлоқ.

Узум билан калла гўштини зинҳор

Бирга қўшиб ҳеч вақт қилма ихтиёр.

Ҳар кимки қатиққа бақлажон қўшар,

Касаллик домига, албатта, тушар.

Ҳар кимки ҳикматни билса озма-оз,

Каптар гўшти билан емагай пиёз.

Ялпизлар билан ҳам емоқ жоизмас,

Есанг, ундан агар зарар оз эмас.

Соғлиқнинг йўлига қўйиб сен қадам,

Сут билан балиқни айлама ҳамдам.

Сенга айтсам ундан бешак, бегумон,

Мохов касаллиги бўлур намоён.

 

Ичиладиган нарсалар ҳақида

Сиҳат лозим бўлса сенга, эй ўртоқ,

Ёмон нарсалардан ўзни тут узоқ.

Овқат орқасидан сув ичсанг агар,

Ундан бузилғуси меъданг сарбасар.

Бир оз фурсат ўтгач егандан кейин,

Сув ичмоқни сенга қилурман тайин.

Жумладан, саҳарда асло сув ичма,

Ранжга юз тутмаю соғлиқдан кечма.

Ҳазмга етади ундан кўп нуқсон,

Надомат сен учун бўлур фаровон.

Меъданг иссиқ бўлса агар, эй ўртоқ,

Овқат орасида мумкин сув ичмоқ.

Агар пари пайкар, тўла маҳлиқо,

Суҳбатига ташриф, айласа бажо.

Агар сенда бўлса ақлу ҳам дониш,

Ортидан сув ичма, ортмасин ташвиш.

Кишида юз берар кўп ёмон аҳвол,

Касалдан қутулмоқ бўлади маҳол.

Ҳаммомдан бошингдан қуйсанг совуқ сув,

Танангга касаллик ёпишғуси «дув».

Ҳар қачон ҳаммомдан чиққанинг замон,

Ақлинг бўлса агар жойида омон.

Бир томчи бўлса ҳам ичма совуқ сув,

Касалга тутилмса, уни ўздан қув.

Насиҳатга сенда бўлса иштиёқ,

Сув ичма қўл мева ортидан, ўртоқ.

Ундан ҳосил бўлур танангда балғам,

Бошингга келтирар юз хиллаб алам.

Терлаб туриб агар сув ичса киши,

Касалдан беҳисоб ортар ташвиши.

Ҳар кимса тунда сув айласа гар нўш,

Касаллик келади ундан қўша-қўш.

Қайноқ сув ичмоқни ким қилса одат,

Баданинг оҳиста қоплагай иллат.

Қамиш аро оқар сувдан сен зинҳор,

Ҳам дарахт сувидан қилма ихтиёр.

Ҳар сувки, шўр эру рва лойқа эрур,

Ундан ичма зинҳор, кўп зарар берур.

Агар оқил бўлсанг сен ўзингни тут,

Чашма, қудуқ сувин баҳридан ҳам ўт.

Иккисидан холи эмасдир нуқсон,

Ундан пайдо бўлур касаллик осон.

Қорин дамлаш, ичак оғриғидан бутун,

Алиф қаддинг бўлур гўё ҳарфи нун.

Қулоғингга етсин мендан бу хабар,

Кориз сувидан ҳам айлагил ҳазар.

Унинг йўқдир бешак ҳеч латофати,

Роҳатидан кўра кўпдир офати.

Сув ичмоқни агар айласанг хаёл,

Анҳор сувидан сен айла истеъмол.

Қара, ундан бўлсин бир неча хислат,

Шундагина бўлмас унда ҳеч иллат.

Биринчи, тош узра бўлсин у равон,

Иккинчи, баланддан оқсин паст томон.

Учинчи, вазни ҳам енгилроқ чиқсин,

Тўртинчи, бўрондек чарх уриб оқсин.

Бешинчи, йўл узра бирорта нодон,

Ифлослаб қўймасин уни ногаҳон.

Олтинчи, гўзаллар лабидек ҳалол,

Ширин-шакар бўлсин ва асал мисол.

Еттинчи, келса ҳам майли қаёқдан,

Қуёшнинг нуридек келсин узоқдан.

Шундай сувден сенга бўлса муяссар,

Касаллик ҳеч қачон қилмагай асар.

Ичимликка агар май бўлса ҳамдам,

Менга шуни айтмоқ лозимдир бу дам.

Шариатда майни ичиш ёмондир,

Ҳикмат бобида ҳам озори жондир,

Май агар оз бўлса фойдаси бордир,

Кўпидан одамзод бир умр хордир.

Андозадан ортиқ ичилса агар,

Баданга етади беҳисоб зарар.

Бадандан иситма бўлади пайдо,

Қалтироқ касалга қилур мубтало.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!