TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ЖАЛЛОД ОДАМЗОД…

Олимларнинг айтишича, айни пайт дунёдаги ҳайвонот ва наботот вакилларининг қирилиб кетиш жараёни минг баравар тезлашган, бунга эса биз – инсонлар сабабчи… Одамзод ер юзида ҳукмронлик ўтказгунига қадар ҳар йили ўн миллион ўсимлик ёки ҳайвон туридан атиги биттаси қирилар эди, ҳозир эса юздан мингтагача бўлган тур йўқолиб кетяпти. Табиатга нисбатан жоҳилона ва шафқатсиз муносабатимиз бизга қимматга тушиши аниқ.

Тасмания бўриси

Тасмания бўриси ёки халтали бўри бир пайтлар Австралия ва Янги Гвинеяда яшаган. Одамлар Янги Гвинеяга динго кучугини олиб келганидан сўнг тилацин деб ҳам аталувчи бу бўрилар Тасманияга “кўчиб ўтишга” мажбур бўлди.

Австралиялик фермерлар халтали бўриларни қўйлар учун катта хавф деб ҳисоблади ва ўйлаб ўтирмай қиришга тушди.

“Кўпчилик хавф туғдирса-туғдирмаса бўриларнинг отиб ташланиши уларнинг қирилишига асос бўлолмайди, деб ҳисоблайди ва тилацинларнинг йўқ бўлиб кетишида аллақандай касалликни айблайди, – дейди Аделаида университети (Австралия) ходими Томас Проуз. – Аммо ўрганишларимиз Тасмания бўриларининг ер юзида изи йўқолишига айнан одамлар томонидан отиб ташланиши сабабчи эканини кўрсатди”.

Маълумотларга қараганда, энг охирги халтали бўри 1930 йилнинг 13 май куни отиб ташланган. 1936 йилда эса Австралиядаги ҳайвонот боғларидан бирида тутқунликдаги энг сўнгги халтали бўри ўлди.

Тукдор мамонт

Мамонтнинг бу тури тахминан 300-250 минг йил муқаддам Сибирда пайдо бўлган, у ердан эса Европа ва Шимолий Америкага тарқалган деб ҳисобланади. Улар урғочи мамонт бошчилигида тўда ҳолида яшаган ва доим бир жойдан бошқа жойга кўчиб юрган. Кўчмаса ҳам бўлмасди, чунки катта мамонт учун кунига 180 кило овқат лозим эди.

Тукдор мамонтлар бундан 10 минг йил аввал қирилиб кетган. Бунга турли сабаблар – иқлимнинг ўзгариши, касалликлар ва ҳоказолар кўрсатилса-да, сўнгги тадқиқотлар бу борада якуний нуқтани одамлар қўйганини кўрсатмоқда.

Додо ёки Маврикий дронти

Маврикий дронтини анча пайтгача афсонавий қуш, аслида табиатда бўлмаган деб ўйлашган. Аммо Маврикийга уюштирилган экспедицияларда бу қушнинг қолдиқлари топилди ва унинг одамлар томонидан қириб юборилгани аниқланди.

Додолар бир неча асрлар давомида Маврикий оролида хавф-хатардан холи яшаган, шунинг учун учишига ҳам ҳожат бўлмаган.

Бу қушни илк бор 1598 йилда голландиялик денгизчилар кўришган, 1681 йилда эса бирорта ҳам додо қолмади. Улар ҳам одамларнинг, ҳам одамлар олиб келган бошқа қушларнинг нишонига айланган эди.

Денгиз сигири

Денгиз ёки Стеллер сигири 1741 йилда даниялик денгизчи Витус Беринг экспедицияси томонидан кашф қилинган. Экспедиция аъзоси бўлган шифокор Георг Стеллер бу жониворни эринмай – батафсил таърифлаган, унинг таърифи ҳозирги кунгача энг тўлиқ ҳисобланади. Кейинроқ жониворга айнан унинг фамилияси берилган.

Танбалгина денгиз сигири Командор оролларида яшаган ва гўштининг мазалилиги билан ажралиб турган. Айнан шунинг учун ҳам бу жонивор кашф қилинганига ҳатто ўттиз йил бўлмай туриб – 1768 йилда буткул қирилиб кетди. Денгизчилар унинг гўштини ейишган, ёғини овқат пишириш ва шам тайёрлаш учун, терисини эса қайиқларда ишлатишган.

Дарбадар кабутар

Дарбадар кабуар XIX аср бошларига қадар ер юзида энг кўп тарқалган қушлардан бири бўлиб, унинг сони беш миллиардгача етгани тахмин қилинади. Аммо бунчалик кўплиги ҳам уларни муқаррам ўлимдан асраб қололмади. Ҳозирги АҚШ ва Канада ҳудудида яшаган дарбадар кабутарлар Америкага келган мустамлакачилар томонидан отиб тугатилди. Ёввойи табиатда охирги дарбадар кабутарни 1900 йиили кўришган. 1914 йилда эса Цинциннати ҳайвонот боғида Марта лақабли энг сўнгги дарбадар кабутар ўлди.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!